Азизон Шайх Худойдод Вали (14611532)  

ҳазратларининг авлодлари шажараси

 Улуғ авлиё Ҳазрати Азизон Шайх Худойдод Вали ибн Ортик Шайх Хоразмий ўз даврида Яссавия-Жаҳрия-Султония тариқатининг кўзга кўринган пешвоси, қутби, етук пири бўлганлиги кўп манбаларда келтирилганлиги ҳаммамизга  маълум. Шайх Бобо Худойдод Вали Азизон авлодлари тўғрисида турли манбаларда маълумотлар мавжуд. Бу маълумотларда Ҳазратнинг Самарқанд вилояти, Жомбой тумани, Ғазира мавзесидаги авлодлари қайси фарзандидан эканлиги талқини ҳам келтирилган. Ушбу манбалар сирасига “Ламаҳот”, “Ҳужжат уз-зокирин”, “Маноқиби Шайх Худойдод Вали”, “Туҳфат ул-зоирин”, “Самария” асарларини киритишимиз мумкин. Шунингдек, Ҳазратнинг қабристонидаги қабртош ёзувларида ҳам ул зотнинг авлодлари шажараси ҳақида маълумотлар бор.

Ҳазрати Худойдод Вали Азизоннинг авлодлари шажараси ҳақидаги маълумотлар асосан Ҳазратнинг муридларидан саналган Азизон Олим Шайх Сиддиқийнинг “Ламаҳот” асарида кенг баён этилган. Олим Шайх Азизоннинг бу асарида Шайх Худойдод Вали авлодлари тўғрисидаги маълумотларга кўра, Ҳазратнинг тўрт фарзандлари – уч қиз ва бир ўғли бўлган

Солиҳ –  Шайх Худойдод Валининг ягона ўғил фарзанди бўлиб, ундан зурриёт қолмаган

Солиҳа Биби– бу фарзанд Шайх Худойдод Валининг тўнғич фарзанди бўлиб, унинг бир қизчаси ҳам бўлган ва у ёшлигида вафот этади. Қизчанинг онаси Солиҳа Биби эса Шайх Худойдоднинг ҳаётлик вақтларида вафот этади ва ундан ҳам фарзанд боқий қолмаган.

Биби Маҳзуна– Саййид Амиршоҳ номли кишига никоҳлаб берилган. Амиршоҳ Хожагон тариқатининг машҳур пирларидан бўлган Саййид Амир Кулолнинг халифаси Амирдош авлодидан бўлиб, у ҳам саййидлардан ҳисобланган. Биби Маҳзунадан фарзанд ва набиралар қолган бўлиб, улар Амир Санъатилло, Хожа Абдуррашид ва Амир Баҳовуддинлар эди. Лекин бу авлодларидан боқий насл қолганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Биби Ҳадия– Ҳазратнинг ушбу қизлари саййидлардан бўлган Саййид Амир Тақийуддинга никоҳланган. Нисбати маънавиятда Амир Тақийуддин ўз бобоси Саййид Амир Шамсуддин ибн Амир Иброҳим иродатида бўлиб, унга қўл берган. У эса ўз навбатида машҳур Шайх Разийуддин Алининг муриди эди. Шайх Разийуддин Али ҳазратлари ҳақларида Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарида маълумотлар мавжуд. “Ламаҳот” асарида ёзилишича, Саййид Амир Шамсуддин Темурий ҳукмдорлар Шоҳруҳ Мирзо ва Мирзо Улуғбек замонларида улар таклифлари билан аввал Мадина шаҳридан Хуросонга, сўнгра эса Самарқандга келиб, подшоларнинг ҳурматига сазовор бўлган экан. Биби Ҳадия ҳам манбаларда келтирилишича, Шайх Худойдод Валининг ҳаётлик вақтларида вафот этган. Аммо ундан уч ўғил қолган бўлиб, улар – Хожа Абдулбосит, Хожа Калон ва  Хожа Хурдлардир. Булардан Хожа Абдулбосит ҳазратларидан боқий насл қолган. Ҳозирда Ғазира мавзесидаги “Эшон қишлоқ” ва “Бот бот” қишлоғидаги Шайх Худойдод Валининг авлодлари айнан ушбу Биби Ҳадиянинг ўғли Хожа Абдулбоситдан тарқаганлар. Буни тасдиқловчи далиллар Шайх Худойдод Вали даҳмалари устидаги қабртошда ёзилган “насабнома”да ҳам, “Ламаҳот”да ҳам келтирилган. Жумладан, “Ламаҳот”да: “…ўттиз ёшида вафот этган Ҳазрат Хожа Абдулбосит Азизон Қосим Шайхнинг шогирдлари эди” деб ёзилган. Шайх Худойдод Вали Азизоннинг аксарият авлодлари тариқат йўлидан борган машҳур кишилар бўлиб, айниқса улар ҳақида Абу Тоҳирхожанинг “Самария” ва Носириддин Ҳусайний ал-Бухорийнинг “Туҳфат уз-зойирин” асарларида ҳам алоҳида боблар билан зикр этилган.  

Шу ўринда куни кеча “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” жамияти  Шайх Худойдод Вали Азизоннинг айнан Биби Ҳадия исмли қизидан тарқалган авлодлар қўлида сақланаётган бешта қўлёзма шажараларни тадқиқ қилиш бахтига муяссар бўлди. Ушбу насаб шажаралар Ғазирадаги “Бот бот” қишлоғида истиқомат қилган ҳамда ўз даврида Ғазирадаги авлодларнинг пешвоси, оқсоқоли ва раҳнамоси саналган Эшон Солиҳхожа ибн Абдумаликхожа (1909-1989) фарзандларидан бирининг минтақавий вакилимизга қилган мурожаати асосида жамият мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди ва қайта тасдиқланди.

Саййид Илҳомхон Баҳодиров

 “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари”

 жамиятининг минтақавий вакили

Азизон Шайх Худойдод Вали авлодлари шажараси

shajara.info


Shajaralarni tadqiq qilish va tasdiqlash markazi


Post navigation