СУЛТОН ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙНИНГ СУЮГИ ВА СУЗУГИ – СУЗУК ОТА (МУСТАФОҚУЛ)

(1140-1217)

Сузук Отанинг асли исми Мустафоқул бўлиб, бу зоти шариф 1140 йилда Туркистон шаҳри Қорачиқ қишлоғида (ҳозирги Қозоғистон худудида) Авлиёлар Султони Хожа Аҳмад Яссавийнинг ёлғиз қизи Гавҳари Хуштож (Хуштари, Хушноз) ва севимли халифаси Ҳазрат Али Хожа Шайх Аҳмад ал-Қорачиғий хонадонида кенжа фарзанд бўлиб дунёга келган. Акалари Имод Шайх (Омади Шайх), Абдул Вали Шайх (Содон Хожа), Аҳмад Шайхлардан сўнг кенжа фарзанд бўлган Мустафоқулни болалик чоғида Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари тиззаларига ўтирғизиб: “Суюгим, сузугим, хуш келдингиз!” деб эркалагани боис ҳалқ ичида кейинчалик Сузук Ота номи билан танилган.

 Сузук Ота диний, дунёвий ҳамда касб-ҳунарга оид билимларни мукаммал даражада ўрганган экан. Хусусан, бобоси Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларидан чивиқдан сузғич тўқиш, ёғочдан қошиқ, чўмич йўнишни, отаси Али Хожа Шайхдан иморат устачилигини ўзлаштирган. Балоғатга етгач, ҳунармандчиликда устозлик ҳам қила бошлаган. Кейинроқ шогирдлари ҳамроҳлигида Шош (ҳозирги Тошкент) шаҳрига ишлашга келиб, яшаб қолганлар. Сузук Ота ҳунармандларнинг пири-устози, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган авлиё зотдир. Таниқли шогирдлари Чўпон Ота, Бадр Ота ва Садр Оталар бўлган. Хусусан, Чўпон Ота устозидан Яссавия тариқати илмини олиб, тариқатда етук халифалар қаторидан жой олган. Табобат билан ҳам шуғулланиб, кўп беморларни шифобахш гиёҳлар билан даволаган. Бадр Ота устозидан Қуръон қироатини ўрганиб қориликда етук даражага кўтарилган. Садр Ота эса Яссавия тариқатида ҳокисорликни одат этиб, кибрни синдириш учун доимо эшак миниб юрар эканлар, бу зот авлиёликнинг учинчи босқичи – маърифат мақомига эришганлар.

 Сузук Ота ва Ҳадича Онадан 3 ўғил ва 3 қиз — ўғиллари Шайх Абилқосим Хожа, Шайх Абдуллоҳ Хожа, Юсуф Хожа Абдулҳайлар, қизлари София, Эшонгули ва Нурбиби дунёга келган. Ҳозирда Сузук Отанинг бу фарзандларидан тарқаган авлодлар нафақат Ўрта Осиё ҳудудида балки Шарқ мамлакатларига ҳам кенг тарқалган эканлар. Жумладан, Сузук Отанинг тўнғич ўғли Шайх Абдуллоҳ Хожанинг авлодлари Яқин Шарқ мамлакаларида, Сузук Отанинг кенжа ўғли Юсуф Хожа Абдулҳайнинг авлодлари Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида, қўшни Тожикистоннинг Сўғд туманида ҳамда Қозоғистонда истиқомат қилишади. Сузук Отанинг қизлари София ва Нурбибининг авлодлари ҳам Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур туманидаги “Сузук Ота” маҳалласида ва Тошкент вилоятида яшаб келишяпти.

Сузук Ота 1217 йили, 77 ёшида вафот этадилар. Мақбараси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган. Сузук Ота ва Ҳадича Она ер ости чиллахонасига қўйилган бўлиб, тепадагилар рамзий қабрлардир. Соҳибқирон Амир Темур Занги Ота ва Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қурдиришдан аввал, Шошдаги кўплаб масжид-мақбараларнинг дастлабкисини Сузук Ота мақбарасини бунёд этишдан бошлаган экан. Бу жой яқингача Тошкент шаҳридаги энг катта гумбазли масжид мақбараси бўлиб келган.

 Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Сузук Ота зиёратгоҳига ҳам эътибор қаратилди. Ҳозирда мажмуада улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу мажмуани Ўрта Осиёда ягона бўлган зиёратгоҳ ва ҳунармандлар марказига айлантириш режалаштирилган. Мажмуадаги қадимий масжиднинг тарихий биноси сақлаб қолинган ҳолда атрофи кенгайтириляпти. Шунингдек, ҳунармандлар учун устахоналар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар барпо этилаётир. Буларнинг бари дилда шукроналик ва ифтихор ҳисларини ўйғотади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг сентябригача якунланиши ва топширилиши режалаштирилган.

Асқар ҳожи Обидов

“Афросиёб” фанлар академиясининг ҳақиқий академиги,

Туркистон Саййидлари ва Эшонлари жамиятининг минтақавий вакили.

 

Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг аждодлари шажараси

 

 

 

 

Сузук Ота

shajara.info


Shajaralarni tadqiq qilish va tasdiqlash markazi


Post navigation