МУРШИДНИНГ МУРИДЛАРИГА ҲИКМАТЛИ ПАНДЎГИТЛАРИ

Улуғ авлиё ва тариқат пешвоси Ҳазрати Азизон Шайх Худойдод Вали (қ.с.) исломнинг муқаддас китоби Қуръони карим мазмуни ва шариат аҳкомларининг тарғиботчиси бўлган. Оддий халқнинг ислом маърифатини эгаллаши учун жон куйдирган етук шахс эди. Аммо ўзининг хос суҳбатдошлари, муридлари (шогирдлари) даврасида эса маърифат сирларини чуқурроқ билишга унинг моҳиятини қалбан теранроқ ҳис этишга чорловчи аллома ҳам эди. Бу маънода Ҳазрати Шайхнинг ҳар бир сўзида, асарида, амалида акс этар эди. Аллома ҳаёти ва фаолияти тафсилотларига бағишланган “Ҳазрат Худойдод Вали мақоматлари” асарлари ҳам бу ҳақда кенгроқ маълумот берувчи манбалардан саналади. Бу асарлар қуйидагилар: 1) “Маноқиби Шайх Худойдод Вали” – 288 бет, китоб XVI асрда Ҳазратнинг фармонлари билан, ўзларининг раҳбарликларида халифалари Мавлоно Саййид бошчилигида тайёрланган. 2) “Маноқиби Шайх Худойдод Вали” – 248 бет, китоб ҳижрий 1331 йилда Адиб Муҳаммад Ашур Нурмуҳаммад ўғли томонидан кўчирилган. Ушбу асарлар мазмуни асосан форсий тилда баён этилган. Турли воқеалар, ҳодисалар воситаси билан, Ҳазрати Шайхнинг ўз муридлари, суҳбатдошларига панд-ўгитлар берганликлари ҳикоя қилинади. Матн ўрталарида эса сажъ, байт, ҳикмат, ғазал, нақл, ҳикоят сарлавҳалари билан туркий ва форсий тилларда бадиий яратмалар ҳам жойлаштирилган. Бундан ташқари асарларда сўфийликнинг ахлоқ қоидалари ҳақида кўплаб фикрлар баён этилган. Бу ўринда асарда адиб Ҳазрати Шайх тилидан Айтар эдилар, Айтадилар, деган жумлалар билан Ҳазрати Азизон фикрларини баён қилган. Биз ҳам ушбу мақоламизда айнан шу сўфийликнинг ахлоқ-обод қоидалари ва маърифатга оид бўлган ҳикматли панд-ўгитларга ўз эътиборимизни қаратиб, сиз азизларга ҳавола этишни маъқул кўрдик.

 Муршид – тариқат пири, тўғри йўлга бошловчи раҳнамо, иршод қилувчи шайх. «Саййид Амир Кулол (қ.с.)нинг тилларидан кўп ўтар эдики, ҳузур (ҳозирлик) ва ғайбат (ғойиблик)да ҳам толибнинг руҳоният қуши бир соҳибдавлатнинг тарбияси орқали, башарият тухумидан чиқиши зарур. Шундан сўнг бу қушнинг учиб борадиган жойини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди». «Муршид (пир) бу – ҳозиқ табиб, муриднинг ҳолига мувофиқ бўлган давони қилади» (Хожа Муҳаммад Боқирнинг «Баҳоуддин Балогардон» китобидан).

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд бу борада шундай деганлар: «Муршид ҳар куни толиб (мурид, шогирд)нинг ҳолидан хабардор бўлиши, фаросат ёки сўраб-суриштириш билан унинг аҳволини билиб туриши зарурдир…Муршид Аллоҳнинг марҳамати билан толибнинг ўтган, ҳозирги ва келажак каби уч ҳолидан хабардор бўлиши керак, шундагина уни тарбия қила олади…Ҳар бир машойихнинг ойнасида икки томон бор, бизнинг ойнамизда олти томон. Қирқ йилдирки, биз ойнадорлик қиламиз, вужудимиз ойнаси ҳеч қачон хато қилган эмас. Ҳар вақт сенинг кўнглингдан нимаки ўтса, биз уни бехато кўрамиз».

 Ислом дини ва маданиятининг руҳи, тамал асоси бўлган тасаввуф илми, яъни ислом тасаввуфи ўз тарихи, шаклланиш ва такомиллашиш жараёнига эга. Машойихи изом ва авлиёи киромларни ҳақиқат манзилига етаклаган исломий тасаввуф – эътиқод, ахлоқ, фикр, адабиёт, санъат, фалсафа, борингки, ҳаётнинг турли-туман жабҳаларидан чуқур жой олиб келди. Ҳазрати Расулуллоҳ с.а.в.дан бизгача етиб келган тасаввуф таълимотининг ўзига яраша талаб ва хусусиятлари бор. Жумладан:

  1. Тасаввуф шариатга асосланган, тажриба орқали ҳис қилиб яшаб, англашиладиган ҳол илмидир.
  2. Тасаввуф амалда қўлланадиган бир илм бўлганидан, муршид ёки шайх (ёки пири комил) дейиладиган устоз ҳузурида ва унинг тарбияси остида ўрганилади.
  3. Тасаввуф илмининг мавзуси маърифатуллоҳдир.
  4. Тасаввуф сирларини ўргатган муршид ёки шайх (ёки пир) деган кишининг Ҳазрати Расуллуллоҳ с.а.в.га уланадиган, узулиб қолмаган бир саҳиҳ силсилага соҳиб бўлиши керакдир.
  5. Тасаввуф китобий бир илм эмас. Яъни бирор киши тасаввуфга доир ёзилган китобларни ўқиб, пирсиз (муршид ёки устозсиз) шайх ва сўфий бўлолмайди.
  6. Тассаввуф моварои ақл (ақлдан устун) бир илмдир.
  7. Тасаввуф биз кўз билан кўрадиган ва кўролмайдиган оламлардан ташқари, гоҳида ғайб оламидан баҳс этади.
  8. Тасаввуф тариқат деб аталган ва Аллоҳга етказадиган ўзига хос йўл билан киритилади.

Биз севган авлиё зотлар ибодатда, ахлоқда, муомалада, ҳимматда, саховатда ва барча инсоний фазилатларда одамларга ўрнак бўлишган. Аллоҳни рози қилиш учун бутун куч ва ғайратлари билан риёзатлар чекиб, Яратганнинг мақбул ва маҳбуб бандасига айланганлар. Шулар ҳақида ўйлаган инсон албатта, уларнинг қайсидир фазилатларидан ўрнак олишга ва уларнинг изидан боришга ҳаракат қилади. Бизда шу ҳаракат бўлсагина уларга муносиб ворис ҳисобланамиз, иншааллоҳ.

Айтар эдилар, толиблар (мурид, шогирд) Ҳақни талаб қилишда дўстлари (тариқатдаги биродарлари) орасида бўлиши ва биргаликда (хайрли ишларга) машғул бўлиши яхшироқдир. Зероки, танҳоликда одат қилган кишининг ҳоли заифлашади, ишлари юришмайди. Озгина нарса билан вақтини зое қилади. Бас, уни қандай қилиб иршод мақомига кўтариш мумкинки, ундан халққа кам фойда тегса?!

“Хилват дар анжуман” иборасининг маъноси шуки, киши жамоят орасида ҳам худди танҳоликда бўлгани каби Ҳақ билан бирга бўлишдан ҳузурланиши (файз олиши)дир. Мурид то шу даражада камолга етмас экан, иршод қилишга нолойиқдир. “Узлат” шундан иборатки, киши анжуман (яъни кўпчилик орасида) ҳам ўз аҳволини (ҳолатини) сақлай олсин, фойдаси тегмайдиган ҳикояту сўзлардан гапирмасин.

Айтар эдилар, “Мени Аллоҳ бандаларини иршод қилиш учун юборган ва муридни муродига далолат қилиш учун бу мақомга қўйилганман ва нафсни тарк қилишга буюрилганман. Шундай экан, халқ билан дўсту улфат тутинишим зарурдир. Чунки, одамлар билан ошно бўлмай, уларга аралашмай, қандай қилиб уларга манфаат етказа оламан ва ўзим ҳам манфаат кўра оламан. Демак, шундай экан, одамларнинг назру ниёзларини қабул қилиш менга лозим ва вожиб бўлади. Бу тоифанинг назру ниёзларини қабул қилсам ва улардан менга эҳсон етса, менга ҳам қуйидаги оятнинг ҳукмича уларга эҳсон қилишим вожиб бўлади; “Ҳал жазаул эҳсони иллал эҳсону”. Яъни, “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).

“Вазкур Роббака иза насийта”. “…унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг…” (Қаҳф сураси, 24-оят). Айтар эдилар, “Зикр уч турли бўлади: Биринчиси – тил зикри бўлиб, бу авомун-нос (оддий халқ) зикридир. Иккинчиси – дил (қалб) зикридир ва бу хослар (орифлар) зикридир. Учинчиси – сирри зикридир ва бу хос ул-хослар (етук авлиёлар) зикри бўлиб, бу Аллоҳни мушоҳада қилувчи ва аҳли яқийн бандалар зикридир. Айтар эдилар, ким тил билан зикр айтса, шу зикрга кўнглини ҳам ҳозирласин. Зикр айтаётганда, дилини тилига мувофиқ қилсин, ўз сиррини турли хаёллардан бўшатиб, фикрини бир жойга йиғиб, бемисл Холиқ зотини мулоҳаза ва мушоҳада қилишга жамласин. Ўз хотиридан турли васваса ва Аллоҳдан бошқа фикру хаёлларни чиқариб ташласин. Бундай зикрдан унинг қалбида завқ пайдо бўлади ҳамда мосиваллоҳ (Аллоҳдан бошқа нарсалар) кудуратларидан қутулади”.

Айтар эдилар, қутбликка (қутб-авлиёлик даражасининг энг юксак даражаси) боғланиб қолишлик ва қутбликни орзу қилишлик ҳам манманликдир ва лекин бизга ўзликни инкор қилиш, менликдан йироқ бўлиш фарз ва лозимдир. Яъни ҳар бир инсон дуо қилиб Аллоҳдан ҳожатларини тилаши, Аллоҳдан улуғ мартабаларни сўраши, Аллоҳнинг валийларидан бўлишини орзу қилиши мумкин. Лекин инсонлар кўзига улуғ кўриниш, риё ва манманлик учун юқори мансабу мартабалар сўраши жоиз эмас.

Айтар эдилар, Сизлар ўзингизга ейиш, ичиш, кийим-кечакни мақсад қилиб олгансизлар. Қўрқаманки шу боис Аллоҳ таоло бу неъматларни барча халойиққа ҳаром қилмасайди, улардан фойдаланиш ва фойда етказишдан ҳаммамиз маҳрум бўлиб қолмасак эди. Зероки, ишқ (Аллоҳга бўлган ишқ) йўлига қадам қўйишлик ошиқлар иши ва уларнинг равиши меҳнат ва балони ўзига олишдир, барча мосиволардан кечиш ва нафсу ҳаво орзуларини дафъ этишдир.

 Айтадилар, токи, шайх (пир) ва мурид (шогирд) ўртасида ошиқ ва маъшуқлик нисбати камолга етмас экан, муриднинг муршиддан файз олиши ва у мурид ҳаргиз хавфу хатарлардан омонда бўлолмайди.

Айтар эдилар, мурид узоқ муддат шайхи (пир)нинг суратини хотирасида сақлаб юриши ва ҳеч вақт унинг сурати ёдидан ва тасаввуридан холи бўлмаслиги керак. Токи, бу ҳол давом этиб, шайхига нисбатан муҳаббат ҳосил бўлсин. Ва ошиқлик сифати юзага келсин ва абадий саодат ва доимий неъматларга сабабчи бўлсин ҳамда чексиз айш, кўпдан-кўп завқлар (қалбда) ҳосил бўлсин. Ва азалий Маҳбуб (Аллоҳ)нинг дийдори сир оламида бевосита намоён бўлсин. Ва ўзликнинг барча қайдларидан халослик топсин. Ва унга мушоҳада қуёши ҳамда ғайбий жамол муояна (очиқ-ойдин) жилвалансин. Ва жон тилини бегона нарсаларни гапиришдан хомуш қилсин.

Ва айтар эдилар, қачонки мурид шайх (пир)нинг суратини тафаккур ва тасаввур қилса, Ҳақ жалла ва ъалони тафаккур ва тазаккур (эслаш) қилиш ҳосил бўлади. Ва вужуд фаносининг мақомида собитқадам бўлса, шайхнинг суратини тасаввур қилишга ортиқча эҳтиёж қолмайди. Чунки, ўзини суратсиз Зотга (Аллоҳга) етказади, ҳижрон хонумонини висолнинг завқу шавқ оловида куйдиради. Ва фироқнинг навбати ўтиб, висол онлари етиб келади.

 Айтар эдилар, киши намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатларни ўзи учун қилади. Худованд азза ва жалла буларнинг баридан пок ва холидир. Лекин Худовандга хос бўлган ва кишига дахли бўлмаган нарса бу – Худованднинг (Аллоҳнинг) ишқу муҳаббатидир.

 Айтар эдилар, мен дўстларимга бу пайтларда шундай сабоқ берганман: ҳар бир қилинадиган ишда шариатга риоя қилиш керакки, бу ўзини ташқи томондан пок тутишдир. Ҳар бир иш ва унинг зоҳирий ҳукмларини шариат тақозосига кўра бажариш лозим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Аш-шариъату ақволи”, яъни Шариат менинг айтганларимдир, деган қавлларига амал қилиш керак. Ва бу борада тариқат мулоҳазасига (қарашларига) ҳам амал қилиш лозим, яъни, ўз кўнглингни Ҳазрати Борий таоло томонга жамлаш керак. Ва бундай ишни бажаришга тавфиқни У (Аллоҳ) беради, деб эътиқод қилиш керак. Чунки, бундай амал Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг амалларидир. Чунончи, марҳамат қилиб: “Ват-тариқату афъоли”, яъни, Тариқат менинг ишларимдир, деганлар. У амрда ҳақиқат мушоҳадасини ҳам кўра билиш лозим, яъни мазкур амрни Худойи таолони худди кўриб тургандек бажариш лозим. Чунки, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳолатларидирки, айтганлар: “Ал-ҳақиқату ҳоли”, яъни Ҳақиқат менинг ҳолимдир.

Айтар эдилар, мен кўп шогирдларимга (муридларимга) зикрга, суҳбатга ва хилватга ижозат берган эдим. Ва бу ижозат беришимнинг маъноси, уларнинг иши битди ва иршод олишлик даражаси етди, дегани эмасди. Балки, уларга ижозат беришим шу сабабдан эдики, силсиламиз машойихлари туркий ибора билан айтганларидек: “Ижозатлиқ тоғ ошар”, яъни, кимники ижозати бўлса, тоғнинг тепаликларини қўпоради ва ҳеч бир тоғ бу инсоннинг вужудидан кўра каттароқ ва довонлари қўрқинчлироқ эмас.

Ва мен бу шогирдларимни (муридларимни) нафасим ва ижозатим баракотидан, ўз саъйу ҳаракатларини зиёда қилиб, зоҳиран мендан узоқ бўлсалар ҳам ботинлари билан машғул бўлишларини истайман. Ва ғайрат қилсинларки, Аллоҳ жамолининг мушоҳадасига монеъ бўладиган “менлик” ва “ўзлик” пардаларини ўзларидан йироқ этсинлар. Сир оламида ўзларини Маҳбубга (Аллоҳга) восил қилиб, ундан бошқасидан нафрат қилсинлар…

“Улуғ Авлиё – Шайх Худойдод Вали” китобидан

ТАСАВВУФ СУҲБАТЛАРИ

shajara.info


Shajaralarni tadqiq qilish va tasdiqlash markazi


Post navigation