“УВОҚ ОТА” ЗИЁРАТГОҲИ

(экспедиция натижасида аниқланган қўшимча маълумотлар)

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро жамиятининг  Ўзбекистондаги минтақавий вакилига бўлган Увоқ Ота авлодларидан Анорбой Раҳмонқул  ўғлининг бир неча мурожаатларига биноан  Оҳангарон туманининг Увоқ қишлоғида жойлашган “Увоқ Ота”, халқ тилида “Увак Ота” зиёратгоҳига экспедиция уюштирилди. Экспедициямизнинг асосий  мақсади Султон Хожа Аҳмад Яссавийнинг суюкли набираси Сузук Ота Мустафоқулнинг учинчи ўғли ҳисобланган Юсуф Хожа Абдулҳайнинг фарзанди Увоқ Ота ва унинг авлодлари қўним топган жойларни аниқлаш ҳамда ўша ердаги ёши улуғ кекса авлод вакилларидан аждодлари ҳақида билган тарихий маълумотларни сўраб суриштиришдан иборат бўлди.

Ҳунармандлар пири ҳисобланган Сузук Ота Мустафоқул 1140 йилда Туркистон шаҳри Қорачиқ қишлоғида (ҳозирги Қозоғистон худудида)                      Авлиёлар Султони Хожа Аҳмад Яссавийнинг ёлғиз қизи Гавҳари Хуштож ва севимли халифаси Ҳазрат Али Хожа Шайх Аҳмад ал-Қорачиғий  хонадонида кенжа фарзанд бўлиб дунёга келган.  Мустафоқулни болалик чоғида Хожа                Аҳмад Яссавий  ҳазратлари тиззаларига ўтирғизиб: “Суюгим, сузугим, хуш келдингиз!” деб эркалагани боис ҳалқ ичида кейинчалик Сузук Ота номи билан танилган.  Сузук Ота 1217 йили, 77 ёшида вафот этганлар. Мақбараси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган. Сузук Ота ва ул зотнинг аёли Ҳадича Онадан 3 ўғил ва 3 қиз дунёга келган. Ўғиллари –  Шайх  Абулқосим Хожа, Шайх Абдуллоҳ Хожа,  Юсуф Хожа Абдулҳайлар, қизлари – София, Эшонгули ва Нурбиби. (Сайтимизнинг мақолалар бўлимида биз Сузук Ота ва ул зотнинг фарзандлари шажараси ҳақида маълумотлар бериб ўтган эдик, қаралсин).

Шунингдек, Сузук Отанинг учинчи ўғли Юсуф Хожа Абдулҳайнинг фарзанди Увоқ Отанинг Тожикистондаги кекса авлод вакилларидан бирининг ҳам жамиятимизга қилган илтимосларини  инобатга олган ҳолда, жамиятнинг минтақавий вакиллари Увоқ Ота ҳақидаги маълумотларни аниқлашни ўз  олдиларига асосий мақсад қилиб қўйгандилар. Шу муносабат билан ушбу экспедицияга астойдил  киришилди ва тадқиқотлар жараёнида қуйидаги қимматли маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлинди.

“Увоқ Ота” зиёратгоҳи  Оҳангарон тумани Увоқ (Увак) қишлоғидаги тоғ тепалиги адирлигида жойлашган (1-расм). Ушбу зиёратгоҳ бугунги кунда Ўзбекистоннинг “Олтин мерос” рўйҳатига 46-рақам билан киритилган бўлиб (2-расм), яқин келажакда обод қилиниб, ажойиб бир зиёратгоҳга айлантириш арафасида турибди. Зиёратгоҳнинг  ҳозирги ҳолатида ҳам бу муқаддас қадамжога маҳаллий аҳоли ва қўшни туманлардан зиёратчилар ихлос билан ташриф буюришларини гувоҳи бўлдик.

 “Увоқ Ота” зиёратгоҳи қадимий мақбара, қадимий масжид биноси ўрнида қайта қурилган эски масжид, қадимий шот тут дарахтларидан ҳамда 7 та ҳислатли шифобахш булоқлардан иборат. Зиёратгоҳнинг панжарали дарвозасидан бошланадиган йўл сизни тўғри эски масжидга олиб боради (3-расм). Қишлоқ аҳолисининг айтишларига қараганда, бу эски масжид олдида яқин-яқингача булоқ сувлари билан тўлдириб турилган эски сув ҳавзаси бўлган, шунингдек бу эски масжидда яқин-яқинларгача беш вақт намоз, жума ва ҳайит намозлари  ўқиб келинган.

Масжиднинг чап томонида яна иморатлар бўлиб, улар кейинги даврларда қурилган (4-расм). Масжиднинг ўнг бурчаги ва орқа томонида турли  мевали  дарахтлар бўлиб,  бу дарахтларга яқинлашар экансиз, назарингиз ердан қайнаб чиқаётган муздак 7 та булоқларга тушади. Ҳар бир булоқнинг ён атрофларида турли мевали дарахтлар бор (5-расм). Бу етти булоқ қадимий ҳисобланиб, қишлоқдаги ёши улуғ кексаларнинг бизга айтиб берган ривоятларига қараганда; 12 -13 асрларда ҳам бу жойлар Буюк Ипак Йўлининг бир қисми бўлган экан. Ўша даврларда Яссавий авлоди ва тариқат авлиёси ҳисобланган Увоқ Ота маҳаллий аҳолига ислом шариати ва тариқатидан илм бериш мақсадида  бу ерларга келганларида, бу жойлар қуруқ ва кам сувли ерлар бўлиб, аҳоли тоза ичимлик сувидан қийналар,  буни оқибатида эса тез-тез турли хил касалликларга дучор бўлар эканлар. Буни кўрган авлиё Увоқ Ота ҳозирги тепаликка чиқиб, қўлларидаги асоларини тошли ерга бир зарб билан урган эканлар тош ёрилиб, ундан ушбу шифобахш етти булоқ отилиб чиққан экан. Бу булоқлар хақиқатдан ҳам шифобахш ва турли минералларга бой бўлиб, ошқозон-ичак ва жигар касалликларини даволашда ҳамда олдини олишда жуда фойдали ҳисобланаркан.  Маҳаллий аҳоли бу булоқлардан мунтазам равишда сув ичиб турганликлари боис улар бундай касалликлар билан оғримас эканлар. Хақиқатдан ҳам бу булоқлар жуда тиниқ, шаффоф бўлиб,  ундан сув ичган инсон уни майинлигини ва ширин таъмлилигини ҳис этади. Сув ниҳоятда совуқ бўлишига қарамасдан истеъмол қилинганида инсон танаси унинг жуда совуқлигини сезмайди, тамоғи оғримайди ва шамолламайди. Булоқнинг мўжизавий хусусиятларидан бири эса бу – бефарзанд аёллар ихлос билан ният қилиб, етти булоқнинг хоҳлаган бирига келиб, муқаддас қиблага юзланган ҳолда чўккалаб ўтириб, қўл кафтини сувга солиб, Аллоҳ таолога чин дилдан дуои-илтижо қилсалар, иншааллоҳ, фарзанд кўришга муяссар бўлар эканлар.

Зиёратгоҳнинг ўнг чет бурчагида маҳаллий аҳоли томонидан қурилган тўрт бурчакли уйга ўхшаш мақбара мавжуд (6-расм). Мақбара эшигини ён томонида иккита ўйиб силлиқланган ёйсимон эски тошни кўрдик. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича, бу ёйсимон тошлар қабртошнинг бир бўлаги бўларкан. Мақбарани ичида Увоқ Отанинг қабри жойлашган (7-расм). Қабрнинг олд томони устига силлиқланиб ишлов берилган учбурчаксимон қадимий қабртош тикка қилиб ўрнатилган. Афсуски ундаги қадимий ёзувлар вақт ўтиши билан ўчиб кетган экан. Қабрнинг пастки бош қисмида эса ўйиб силлиқланган ёйсимон қабртош қўйилган. Бу қабртош биз юқорида айтиб ўтган мақбара эшиги ёнидаги ёйсимон тошнинг  бир қисми эканлигини  гувоҳи бўлдик. Увоқ Ота қабрининг бош томонида шифобахш хусусиятли баландлиги тахминан уч метрлик қадимий бир дарахт бўлиб, маҳаллий аҳолининг айтишларича,  танасида  сугали, сувчечаги, турли тери касалликлар бўлган одам ушбу  дарахт  баргларини ихлос билан терисига суртса, иншааллоҳ,  бу дардларидан  халос бўлар экан. Буни ўзларида синаб кўрганлар сони жуда кўпчиликни ташкил этаркан.

Увоқ Ота қабрининг оёқ томонидан беш-олти қадам нарида икки қадимий эски шот тут дарахти бўлиб (8-расм), бу шот тутлар қарилигига қарамай ҳали-хамон мева солар ва инсон бу тут мевасидан қанча еса ҳам ҳечам қорни оғриб қолмаскан. Қишлоқ аҳолиси бу шот тутлар мевасидан ҳали-хамон тўйиб истеъмол қилиб келишмоқда.

Увоқ Отанинг авлодларига ота-боболаридан айтиб келинган ривоятларга  кўра, Увоқ Ота ўз даврининг етук авлиёси бўлиб, Яссавия тариқатида илмни бобоси Сузук Ота Мустафоқулдан ва отаси Юсуфхожа Абдулҳайдан олган экан. Қишлоқдаги кекса отахонларнинг айтишларига қараганда, Увоқ Отанинг Увоқ деб номланиши “азиз авлиёлар ушоғи (яъни авлоди)” маъносида бўлиб, аслида эса исмлари Убайд (Убайдуллоҳ) бўлган экан. Тожикистоннинг Суғд тумани Увоқ қишлоғидаги Увоқ Ота авлодларининг яна бир ривоятларига қараганда, Увоқ Отанинг Увоқ деб номланиши ул зотнинг волидаи муҳтарамаси қозоқларнинг  Ўрта Жузъ уруғидаги Увак (Уак, Увоқ) уруғидан бўлганликлари боисдан, оналари ҳурмати Увоқ (Увак) Ота деб ҳам аташган экан. Ривоятга кўра, Увоқ Отанинг отаси ва онасининг қабрлари Туркистон шаҳрида (ҳозирги Қозоғистон ҳудудида) жойлашган дейилган.

Экспедиция жараёнида ва аввалги тадқиқотларимиз натижасида аниқланган маълумотларни тўплаб, уларни ўрганиб ва тадқиқ этиш натижасида Увоқ Отанинг насабномасини аниқлашга муяссар бўлдик ва қуйида уни келтиришни маъқул кўрдик:

Увоқ Ота (Убайдуллоҳ) нинг аждодлари шажараси

1. ҲАЗРАТ АЛИ ИБН АБУ ТОЛИБ р.а.
2. ШАЙХ МУҲАММАД ҲАНАФИЙ
3.  ШАЙХ АБДУЛФАТТОҲ
4.  ШАЙХ АБДУЛЖАЛИЛ
5.  АБДУЛҚАҲҲОР БОБ
6.  АБДУРАҲМОН БОБ
7.  ИСҲОҚ БОБ
8.  ШАЙХ ҲОРУН
9. ШАЙХ МУСО (МЎЪМИН)
10. ШАЙХ ИСМОИЛ
11. ШАЙХ УМАР
12. ШАЙХ ХУСАЙН
13. ШАЙХ УСМОН
14. ШАЙХ МАҲМУД
15. ШАЙХ ИФТИҲОР
16.  ШАЙХ ХОЖА ИБРОҲИМ ОТА ва хотини

(ҚОРАСОЧ ОНА) ТОҒАЙ БИЧА БИНТИ  ШАЙХ ҲУСАЙН

17. ҲАЗРАТИ СУЛТОН  ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ
18. БИБИ ГАВҲАР ХУШТОЖ (ХУШНОЗ, ХУШТАРИ) ва эри ҲАЗРАТ АЛИ ХОЖА ШАЙХ АҲМАД АЛ-ҚОРАЧИҒИЙ
19.  СУЗУК ОТА (МУСТАФОҚУЛ) ва хотини ҲАДИЧА ОНА
20.   ЮСУФ ХОЖА АБДУЛҲАЙ
21. УВОҚ ОТА (УБАЙДУЛЛОҲ)

Саййид Илҳомхон Баҳодиров

жамиятнинг минтақавий вакили.

Саййид Сардорхон Жаҳонгирхон

жамият раҳбари таҳрири остида.

 

УВОҚ ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

shajara.info


Shajaralarni tadqiq qilish va tasdiqlash markazi


Post navigation