ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИ МАҚБАРАСИ

  “Шайх Бобо” хонақоҳи қабристонидаги

авлодлар қабртошидаги битиклар

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро жамиятининг Ўзбекистондаги минтақавий вакиллари Ҳазрати Шайх Худойдод Вали Азизоннинг авлодлари шажарасини мукаммал тадқиқ этиш учун керакли маълумотлар тўплаш мақсадида Жомбой тумани, Ғазира мавзеъсида жойлашган “Шайх Бобо” зиёратгоҳига экспедиция уюштирдилар. Экспедициядаги тадқиқотлар жараёнида қуйидаги қимматли маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлинди.

“Шайх Бобо” зиёратгоҳи халқ тилида “Вали бобо” зиёратгоҳи бугунги кунда обод қилиниб, ажойиб зиёратгоҳга айланганлигини, зиёратчиларнинг кети узилмай бу ерга ихлос билан ташриф буюришларини гувоҳи бўлдик. “Шайх Бобо” зиёратгоҳи қадимий масжид, ҳовуз ва мақбарадан иборат. Масжид-хонақоҳнинг катта икки табақали дарвозахонасидан кирилгач, дарвозахонага туташган ўнг ва чап томондаги иморатлар кейинги даврларда қурилган бўлиб, зиёратчилар учун кичик меҳмонхона, ошхона ҳамда ўтириб дам оладиган қатор сўри-чорпаялардан ва масжид котиби хонаси кабилардан иборат. Дарвозахонадан бошланадиган йўл тўғри хонақоҳ қабристонига олиб боради. Йўлақдан юраверишда ўнг томонингизда қадимий ҳовуз жойлашганини ва ундан кейин масжид жойлашганини кўрасиз. Бу ҳовуз ҳақиқатдан тарихий бўлиб, Олим Шайх Азизон Сиддиқийнинг “Ламаҳот”ида келтирилишича, Шайх Худойдоднинг яқин ҳалифаларидан бири Дарвеш Шайх (вафоти 1551-52 йиллар) томонидан барпо этилган экан.

Қабристон тахминан 56 гектар майдондан иборат бўлиб, Ҳазрати Шайхнинг мақбараси яъни даҳма-мозорлари қабристоннинг энг тепа ерида жойлашган. Дахма ёнида отнинг ёлидан ясалган ва узун хода-чўпларга осилган уч туғ ўрнатилган. Бу туғларни Ҳазрати Азизон Шайх Худойдод Валининг издошларидан уч машҳур Шайх тиклашган бўлиб, улардан бири “Ламаҳот” асарининг муаллифи машҳур аллома Олим Шайх Азизон Сиддиқий бўлган. Даҳма квадрат шаклида пишиқ ғиштдан тикланган бўлиб, усти гумбазсимон том билан ёпилган. Мозор устида учта мармар қабртош ҳамда даҳманинг олд деворида ҳам катта мармартошларда арабий-форсий битиклар ёзилган. Ёзувларига қараганда даҳманинг устидаги марказда жойлашган кўк мармартош (1-расм) қадимийроқ бўлиб, унинг тузилиш услуби ҳам шундан дарак беради. Бизнинг фикримизча бу кўк мармар қабртош айнан Шайх Худойдод Валига тегишлидир. Чап томондаги мармартошда (2-расм) ҳам Шайх Бобонинг исмлари битилганини ўқидик, лекин Шайх Бобонинг Ғазирадаги авлодларини айтишларига қараганда бу қабртош Шайх Худойдоднинг қизи Биби Ҳадиянинг қабртоши экан. Ўнг томондаги оқ мармартошда (3-расм) насабнома келтирилган. Қуйида ушбу насабноманинг таржимасини келтирамиз:

Ҳазрат Амир Тақийуддин ибн

Амир Маҳмуд ибн

Амир Шамсиддин ибн

Амир Иброҳим ибн

Саййид Имод ул-мулк вад-дин ибн

Имодиддин ибн

Амир Ҳожи ибн

Саййид Али ибн

Саййид Низомиддин ибн

Саййид Шарофиддин ибн

Саййид Мужтабо ибн

Саййид Подшоҳ ибн

Саййид Ҳусайн ибн

Саййид Исмоил ибн

Имом Жаъфари Содиқ ибн

Имом Абдуллоҳ Боқир ибн

Имом Зайнулобиддин ибн

Имом Ҳусайн Шаҳид ибн

Амир ал муъминин Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳу ибн

Абу Толиб р.а.

Бундан ташқари ушбу оқ мармар қабртошда Биби Ҳадия исми ва охирида эса Абдулатиф исми ҳам келтирилганини гувоҳи бўлдик. Шайх Бобонинг авлодларини таъкидлашларича, даҳманинг устидаги қабртошларни тиклашда ҳамда хонақоҳ мажмуасини авайлаб сақлашда Шайхнинг машҳур набираларидан бири бўлган Хожа Абдулатифнинг хизматлари бениҳоя катта бўлган экан.

Гумбазсимон даҳмадан ташқари ўнг томонда ҳам мармар қабртош (4-расм) бўлиб, бу мармартошда арабий-форсий битиклар ёзилган, биз уни ўқишга ҳаракат қилиб кўрдик. Унда Ҳазрат Абдумаликхожа ибн Абдурауфхожа исми ҳамда қуръон оятлари ёзилган экан. Ҳазрат Абдумаликхожа ўз даврида Ғазирадаги авлодларининг пешвоси, бошқарувчиси ҳамда раҳнамоси бўлган ва бу қабртош унга тегишли экан. Ушбу қабртошнинг ён томонида яна бир мармар қабртош (5-расм) бўлиб, унда ҳам арабий-форсий тилда қуръон оятлари келтирилган экан. Қабртошдаги исмни ўқидик ва унда отасидан сўнг Ғазирадаги авлодларнинг оқсоқоли ва пешвоси бўлган Эшон Солиҳхожа ибн Абдумаликхожа (1909-1989) исми битилган экан.

Мақбара ён ва орқа томонларида яна қабрлар бўлиб, унда кўп олим, обид, зоҳид, имом, қорилар ҳамда Шайх ҳазратларининг авлодлари дафн этилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу даҳмадаги учта мармар қабртошлар ҳақиқатдан ҳам Шайх Худойдод Валига ва ул зотнинг қизи Биби Ҳадия ҳамда куёви Саййид Амир Тақийуддинга тегишли эканлигига янада иқрор бўлинди. Бундан ташқари оқ мармар қабртошдаги насабномадаги аждодлар исми биз тадқиқ этаётган бешта қўлёзма шажаралардаги исмлар билан деярли бир хил эканлиги ҳам аниқланди.

Саййид Сардорхон Жаҳонгирхон

жамият раҳбари

(1-расм)

 

(2-расм)

 

(3-расм)

 

(4-расм)

 

(5-расм)

 

 

 

ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИ ЗИЁРАТГОҲИДА

shajara.info


Shajaralarni tadqiq qilish va tasdiqlash markazi


Post navigation