Ahli bayt haqida

rasm

   ПАЙҒАМБАР (С.А.В.) АВЛОДЛАРИ ҲАҚИДА

 МУЛОҲАЗАЛАР

 АҲЛИ БАЙТ ВА ОЛ ТУШУНЧАСИ

Намозда саловот айтиш суннат эканлиги машҳур ва маълум нарса. Намозда айтиладиган саловотни Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзлари бизга ўргатганлар. Ўша саловотда “Аллоҳумма солли ъало Муҳаммад ва ъало оли Муҳаммад!” жумлалари бор. Шунинг учун муҳаддислар томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Кимки намоз ўқиб, менга ва менинг аҳли байтимга саловот айтмаса, ундан намози қабул этилмайди”, дейилган. Имом Жалолиддин Суютий “Жомеъ ал-аҳодис” асарида ҳатто саловот айтилмаса дуо ижобат бўлмаслиги ҳақидаги ҳадисни зикр қилган. Шунга биноан саловотда “ол”ни ҳам қўшиб айтишимизни ҳатто Имом Шофиъий ҳазратлари фарз деганлар.

Ибодатларимизнинг энг аълоси бўлган намозда Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “ол”лари, “аҳли байт”ларига саловот айтишимиз, уларнинг ҳурмати нақадар улуғ эканлигини билдиради. Шундай экан, “ол” ва “аҳли байт” деб кимлар айтилади? Шуларни ўрганишдан мақоламизни бошласак.

Ол – бу Расули акрам (с.а.в.)га қариндош бўлган Қурайш қабиласининг Бани Ҳошим ҳамда Бани Мутталиб уруғларидир. Аҳли байт эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аҳли оилалари – хотинлари ва фарзанду невараларидир. Демак, “ол” тушунчаси аҳли байтдан кўра умумийроқдир. Бани Ҳошим уруғини бундай деб изоҳланади: “Улар Али, Аббос, Жаъфар, Ақил ва Ҳорис ибн Абдулмутталиблардир”. Шу жойда “Умдат ар-риоя” соҳиби Абд ал-ҳайй Лакнавий “Наҳр ал-фоиқ” китобидан далил қилиб: “Абу Лаҳаб болалари бундан мустасно, чунки уларнинг Пайғамбар (а.с.)га қариндошчилиги ботил қилинган” деб ёзади(4).

Абу Нуъайм “Маърифат ас-саҳоба” асарида Ҳазрати Умар (р.а.)дан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (а.с.) бундай деб марҳамат қилганлар: “Ҳар қандай сабаб ва насаблар қиёмат кунида узилгандир. Фақат менинг сабабим ва насабим узилмас. Ҳар бир одам фарзандининг илдизи отасидандир. Фақат Фотиманинг болалариники эмас, зеро, уларнинг отаси менман, илдизи менман!”. Бу лафзга ўхшаган бошқа ҳадислар ҳам жуда кўп. Уламолар уларнинг ҳасан ва саҳиҳлигини таъкидлашган. Шу боисдан Ҳазрати Умар (р.а.) кейинчалик Фотима ва Али (р.а.)лардан бўлган покиза қиз – Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)ларнинг сингиллари Умму Кулсумни ёшлигиданоқ никоҳига олган эди. Бу ҳақда сўралганда, ул зот: “Шу муносабат билан насабим ва сабабимни Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирлаштирмоқчиман”, деган эдилар. Мана шундай сабабларга кўра ол ва аҳли байт тушунчаси қиёматгача бўлган севимли Пайғамбаримиз (а.с.)нинг авлодларига нисбатан ишлатиладиган бўлди.

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда келган ривоятларга қараганда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)ларни саййид деб атаганлар. Ҳазрати Али (к.в.) ҳам Ҳасан (р.а.)га қараб: “Бу ўғлим саййиддир!” деган эдилар. Унинг синглисини Пайғамбаримиз (с.а.в.) саййида деб атаганларини Имом Байҳақий ўз ҳадисларининг бирида зикр қилиб ўтган. Демак, Пайғамбаримизнинг авлодларини саййид ёки саййидзода дейиш ул зотнинг ўзларидан қолган экан.

САДАҚАНИНГ ҲАРОМ БЎЛИШИ

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ана шу аҳли байтлари ва авлодларига нисбатан шариати исломиййада алоҳида ҳукмлар ва фатволар келган. Бу нарса ҳам уларнинг бошқалардан кўра ажралиб турганликлари ҳамда улуғликлари, шунингдек, уларнинг мусулмонлар ичида алоҳида афзаллиги борлигига далолат қилади. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) мана бундай деганлар: “Албатта садақа Муҳаммадга ва Муҳаммад оиласига ҳалол бўлмайди”. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Муслим Абдулмутталиб ибн Рабиъа (р.а.)дан ривоят қилган. Имом Бухорий ҳам Абу Ҳурайра (р.а.)дан шу маънодаги ҳадиси шарифни ривоят қилган. Ҳатто: “Қавмнинг қуллари уларнинг ўзларидандир” маъносидаги ҳадиси шариф (Имом ат-Термизий, Абу Довуд ва ан-Насоийлар Абу Рофиъ (р.а.)дан ривояти)га биноан саййидларнинг қулларига ҳам садақалар ҳаром бўлади.

Асосан,бу нарса уларга садақаи вожибалар, яъни закот, ушр, фитр, назрларнинг берилиши ҳаром бўлишидир. Мавлоно Алий ал-қори Муҳаддис Ибн ал-Маликнинг Пайғамбар алайҳиссаломга фарз ва нафл садақалар, ул зотнинг оила ва зурриётларига эса фақат фарз садақалар ҳаром қилинган, деган гапларини нақл қилган(5). Ҳанафий мазҳабининг жами матн китобларида закот ва ушрларни уларга бериш мумкин эмаслиги қайд этилади(6).

Тўғри, китобларда Бани Ҳошим уруғидан бўлганлар ва уларнинг ҳатто қулларига садақанинг ҳаром бўлиши алоҳида таъкидланган. Аммо, Пайғамбар (а.с.) авлодлари ҳадияларни, вожиба бўлмаган садақа ва эҳсонларни қабул қилсалар бўлаверади. Зотан, Пайғамбаримиз (а.с.)нинг ўзлари ҳадиялар қабул қилар эдилар. Бунга Имом Шофиъий ҳазратлари Имом Боқир (Пайғамбаримиз авлодларидан бўлиб, тобиъийнларнинг энг улуғларидандир)нинг: “Бизга мафруза садақалар ҳаром қилинган”, деган сўзларини далил қиладилар. Бунга қўшимча яна Имом Бухорий ва Муслимлар иттифоқ қилиб ривоят қилган ҳадисларида Оиша онамиз (р.а.)нинг жориялари Бурайра (р.а.)га аталган гўштни кўриб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) уни ейишга тарғиб қилганликларини келтиришимиз мумкин. Шунда бу Бурайрага садақа эканлигини, Жаноби олийлари эса садақани емасликларини эслатишганда, Ул зоти шариф: “Бу унга садақа, бизга эса ҳадиядир” деган эканлар. Ушбу ҳадиси шарифнинг зоҳирига кўра, бу садақаи нофила эди(7). Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Агар қўйнинг пойчасига чақирилсам, борган бўлардим, агар қўйнинг қўлини ҳадия берилса, қабул қилардим”, деган сўзлари (Имом Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривояти) садақаи нофилалар Расули акрам ва ул зотнинг зурриётларига ҳалол эканлигига далил бўла олади.

Юқоридаги ривоятларга асосланиб, Ҳанафий, Шофиъий, Ҳанбалийларнинг аксарияти аҳли байтга нафл садақалар ҳалол дейишган. Имом Моликдан бир ривоят мана шу фикрга мувофиқдир.

БАЙТУЛ МОЛДАН УЛУШ ВА ВАҚФ ЕРЛАР АЖРАТИШ

Юқоридаги тақриротлардан кўриниб турибдики, бу дунёда Пайғамбар алайҳиссалом авлодларига нисбатан ҳурмату иззат ҳамда мартаба жиҳатдан афзалият ўзгача бўлиши билинмоқда. Жумладан, уларга асрлар давомида байтулмол (давлат хазинаси)дан хумс, яъни бешдан бир ажратилган. Шу билан бирга қанча-қанча ерлар вақф тариқасида ҳамда ҳукумат тарафидан ҳадия юзасидан таноб-таноб ерлар ажратилган. Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур ҳам “Темир тузуклари” асарида бундай деб ёзади: “Қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў-эътиборли кишиларини азиз тутдим; саййидлари, уламолари, фузало ва машойихига таъзим бажо келтирдим ва ҳурматладим. Уларга суюрғол вазифалар бериб, маошларини белгиладим; ўша вилоятнинг улуғларини оға-иниларимдек, ёшлари ва болаларини бўлса, ўз фарзандларимдек кўрдим… улуғларини ва шараф-эътиборли кишиларини ҳурматлаб, мартабаларини оширдим. Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим”. Бу ҳолат бутун Ислом оламида жорий бўлган эди, шунингдек, Мовароуннаҳрда, ўзбек хонликлари даврида ҳам то руслар-советлар босқинигача олий даражада бўлган.

НИКОҲДА САЙЙИДА БИЛАН ТЕНГЛИК

Никоҳ масъаласида ҳам шундайдир. Ҳанафия, яъни Имоми Аъзам мазҳабида никоҳ борасида тенглик эътибор қилинади. Тенглик шариат китобларида “куфв”, “куфув” деган сўз билан ифодаланган.

Ҳанафийларнинг мазкур фатвосига далилни Имом Термизий ва Байҳақий ўзларининг “Сунан”ларида ривоят қилганлар, уни Имом Ҳоким саҳиҳ деб қайд қилган. Унда Ҳазрати Али (к.в.)га Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Эй Али, уч нарсани кечиктирмагин: Намоз вақти келганда, жаноза ҳозир бўлганда ва бокира қизга куфв топилганда”(8). Ибн Можжа эса Ойша онамиз (р.а.)дан ривоят қилган: “Уруғларингизга яхшилик изланг, тенгиларига никоҳланглар!” деган ҳадисни ҳам Имом Ҳоким саҳиҳ деган(9). “Эъло ус-сунан”да бунга ўхшаш ҳадислардан ўндан ортиғи ривоят қилиниб, иснодлари борасида мақбул изоҳлар келтирилган.

Ким кимнинг тенги, кимлар орасида куфв бўлади ёки куфв бўлмайди? Бу ҳақда машҳур фиқҳий матн китоби “Мухтасар ул-Виқоя”да ўқиймиз: “Никоҳда кафоат-тенглик насаб жиҳатдан эътиборга олинади. Бас, қурайшликлар баъзисига баъзиси куфвдир. Араблар баъзисига баъзиси куфвдир. Ажамларда эса ислом жиҳатидан тенглик эътибор қилинади. Демак, икки отаси исломда бўлган одамга бир неча оталари (аждодлари) исломда бўлган куфвдир. Лекин икки отаси мусулмон бўлган қизга бир отаси ёки ўзи мусулмон бўлган йигит куфв эмас. Яна ажамларда ҳуррият жиҳатидан ҳам тенглик эътиборга олинади. Бу худди мусулмонлик борасида биз зикр қилганимиздекдир. Яна ажамларда диёнат юзасидан ҳам тенглик эътиборга олинади. Бас, фосиқ йигит солиҳ инсоннинг қизига (ёки солиҳа қизга) куфв (тенг) эмас. Яна ажамларда мол-дунё жиҳатидан ҳам тенглик эътиборга олинади. Бас, нақд бериладиган маҳрдан ва яна нафақа беришдан (боқишдан) ожиз йигитга (ҳатто) камбағал қиз ҳам кувф (тенг) эмас. Фақатгина маҳр ва нафақага қодир бўлган йигитга бой-бадавлат қиз куфв бўлаолади. Яна ажамларда касб-ҳунар жиҳатидан ҳам тенглик эътиборга олинади. Демак, (оддий) тўқувчи, қон олувчи, сартарош, супурувчи-фаррош ёки тери ошловчи йигит аттора ва шунга ўхшаш ҳунарлар қиладиган қизга куфв (тенг) эмас”.

Демак, кафоат (тенглик) насабда ҳам эътибор қилинади. Бунга Суфён ас-Саврий (р.а.) хилоф қиладилар. Баъзилар шул зот сингари“Арабнинг ажамдан ортиқчалиги йўқ. Аллоҳ таоло наздида икромлироқ кимса тақводорроқ кимсадир. Демак, насабининг эътибори йўқ” деб оят ва ҳадисларни келтириб ташлашади. Бунга жавобан “Ҳидоя”нинг машҳур шарҳларидан бири “Кифоя” соҳиби бир оғиз сўз билан жавоб берадилар:“Биз айтамизки, тақво билан бўладиган ортиқчалик, бир-бировдан афзал бўлиш охиратда бўлади. Оятдан (“Аллоҳ наздида мукаррамлироғингиз тақводорроғингиздир” мазмунидаги оятдан) мурод ҳам шулдир”.

Насаб жиҳатдан куфв бўлиши ҳақида Имом Муҳаммад аш-Шайбоний “Китоб ул-осор”ида Абу Ҳанифа (р.а.)дан ривоят қилишича, Умар ибн Хаттоб (р.а.) бундай деган эканлар: “Ҳасабли-насабли кимсаларнинг қизларини куфвлари топилгунча турмушга чиқишларини албатта манъ қиламан!”.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган мазкур нақлга мувофиқ обрў-эътиборли оилаларнинг қизларини тенги топилгунча турмушга бериб юборавермаслик лозимлиги англашилади. Тўғри йўлдан борган халифаларга эргашиш ҳақидаги ҳадиси шарифлардаги буйруқларга биноан Ҳазрати Умарнинг бу хилдаги ишини ҳам саҳобаи киромлардан қолган суннат дея баҳолаш мумкин.

Зотан, Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Аёлларни фақатгина тенгиларига никоҳланглар, уларни фақат валийларигина турмушга берсинлар ва ўн дирҳамдан кам маҳр йўқ”.

Имом Ибн Абу Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ушбу ҳадисни Имом Бағавий ҳасан деб қувватлаган.

Гарчанд, ушбу баён қилинган масъалада тенглик-тенгсизлик ҳақида сўз юритилган бўлса-да, аммо никоҳдан бошқа муносабатларда, хусусан, бир-бировга нисбатан бўлган муомалотларда, ибодатларда, савоб олишда, қиёматдаги савол-жавобда ҳамма баробар бўлишини унутмаслик даркор. Аллоҳ олдида тақво билангина мукаррам бўлиш мумкин!

УЛУҒ АВЛОД ЗУРРИЁТЛАРИ

Юқорида ўтган никоҳда куфв-тенглик тамойилига амал қилиш натижасида Пайғамбар авлодлари ажам халқларидан қиз олмасдан, ўзларининг уруғларидан, арабларнинг ҳурматли қабилаларидан қиз олди-бердисини амалга ошириб келганлар. Бу бошқа халқларни ерга уриш, ҳақоратлаш ёки паст табақадан деб билиш натижаси бўлмаган, албатта. Балки, покиза Пайғамбар насабини пок сақлаш натижаси бўлган. Лекин баъзида бунга амал қилинмаган. Жумладан, Жаъфари Содиқнинг ўғли Мусо Козим (р.а.)нинг оналари Ҳамида номли жория бўлган. Шундай бўлса-да, Жаъфари Содиқ: “Бу менинг болаларим. Улар ичида энг саййиди Мусо Козимдир” деган экан. Шунингдек, Али Ризонинг оналари ҳам умму валад (чўри) бўлгани маълум. Муҳаммад Жавод эса халифа Маъмуннинг қизига уйланган.

Зайн ул-обидийн (р.а.) бир жория (чўри)ни озод қилиб, унга уйланганда Халифа Абдулмалик ибн Марвон унга бундан ор қилишини айтиб ёзиб юборган. Шунда Зайн ул-обидийн ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али: “Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашмоқликдир. Чунки ул зот Сафиййа (асл исми Зайнаб бўлган)ни озод қилиб уйланганлар”, деб жавоб ёзиб юборди.

Тарихда бунга мисоллар кўп. Жумладан, Хива хонлигида Қурғирот сулоласи вакиллари аслида ўзбекнинг қўнғирот уруғидан бўлишларига қарамасдан Ҳозарасп саййидларига куёв бўладилар. Шунинг натижасида уларни Саййид сифатида улуғланади. Бухоро амирларини ҳам Саййид дейилишига шундай ҳолатнинг юз бергани сабаб бўлган.

Ҳанафий мазҳабининг фақиҳларидан Ибн Нужайм ал-Мисрий ўз фатовосида: “Шариф-саййид бир чўрига уйланса-ю, ундан ўғилми, қизми фарзанд туғилса, ўша бола шариф бўладими? Агар бунинг акси бўлса-чи?” деган саволга жавоб бериб: “Фарзанднинг шарофатли бўлиши, унинг улуғ насабдан ҳисобланиши отасининг шарофатидандир. Шариф (саййид)нинг ўғли шариф (саййид) бўлади, агарчи онаси чўри бўлса ҳам. Шариф (саййид) бўлмаган отанинг боласи шариф (саййид) бўлаолмайди, гарчи онаси шарифа (саййида) бўлса ҳам”, деб фатво берганлар. Лекин олийнасаб авлодларнинг шажараларининг баъзисида қайд қилинишича, “Хулоса”да онаси саййида бўлса-ю, отаси саййид бўлмаса ҳам, улардан бўлган фарзанд саййида онанинг ҳурматидан саййид бўлиши айтилган экан. Валлоҳу аълам би-с-савоб!

Ҳанафий мазҳабимиз мўътабар фиқҳий манбаларида олим одам илмсиз саййид билан тенглиги айтилади. Жумладан, “Захира”да мана бундай дейилган экан: “Шак йўқки, илмли кимса алавийга кувф-тенгдир. Чунки, илмнинг шарафи насабнинг шарафидан юқоридир. Шунинг учун ҳам Ойша разийаллоҳу анҳо Фотима разийаллоҳу анҳодан афзалдир. Чунончи, баъзи машойихлар ажамий олим арабий жоҳил (илмсиз)га тенгдир, деганлар. Шунингдек, фақир (камбағал) илмли илми йўқ бой учун куфвдир”.

ПАЙҒАМБАР АВЛОДЛАРИНИ ҲУРМАТ ЭТИШ

Имом Термизий ҳасан ҳадис деб Зайд ибн Арқам (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳабиби муҳтарам (с.а.в.) бундай марҳамат қилган эдилар: “Шак йўқки, мен сизларга иккита нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (кейингиси) аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавз(и кавсар)га келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга қаранглар!”.

Имом Дайламий эса Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилишича, Расули акрам (с.а.в.): “Сизларга авлодимга яхшилик қилишни васият қиламан!” деган эканлар. Уни Имом Ҳоким саҳиҳ деган.

Шу маънодаги бошқа бир ривоятни эслаш лозим. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг севимли неваралари Ҳасан (р.а.)дан ривоят қилишича, ул зот ўз хутбаларида бундай деган эканлар: “Мен Аллоҳ таоло уларнинг муҳаббатини ҳар бир мусулмонга фарз қилган аҳли байтдан бўламан!”.

Ҳазрати Ҳасан (р.а.)нинг ушбу сўзларига далил қилиб уламоларимиз Қуръони каримнинг Шўро сурасининг 23-оятини кўрсатганлар: “Айтинг, мен сизлардан бу даъватим учун ҳақ сўрамайман, фақат қариндошликдаги дўстлик-яқинликнигина сўрайман!”. Расул (а.с.) Қурайш қабиласидан бўлганлари учун, шу қабила мушрикларидан озор бермасликни сўраганлар; даъватлари эвазига ҳақ сўрамасалар-да, ўзларининг авлод ва зурриётига силаи раҳмда бўлишга чақирганлар. Шайх Абдулазиз Мансурнинг хабар беришича, Имом Табарий ҳам мана шу таъвилни ихтиёр қилган эканлар.

Шунинг учун ҳам муҳаддислардан Ибн Адийй ва Ибн ал-Жавзийлар заиф, деб ривоят қилган ҳадиси шарифда кўнглимизни кўтарадиган мана бу башорат мавжуд: “Муҳаммад оиласини бир кун яхши кўриш бир йиллик ибодатдан яхшироқдир!”.

Шунинг учун ҳам уммати Муҳаммадиййанинг энг афзал инсони Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байти борасидаги аҳди ва муҳаббатини муҳофаза қилинг, сақлаб-асранг!”, деб васиййат қилган эдилар.

Мана шундай сабабларга кўра бутун уммати исломиййа саййид ва саййидзодаларни ҳурмат ва иззат қилиб келган. Қадрларини юксак билиб, бениҳоя улуғлаганлар. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг чеваралари Зайн ул-обидийн ҳазратлари буюк саҳобий Ибн Аббос (р.а.)нинг олдиларига кирсалар, ул зот: “Марҳабо, эй ҳабиб ибн ал-ҳабиб!” деб кутиб олишлари нақл қилинган. Бир куни саҳобаларнинг улуғ олимларидан бири Зайд ибн Собит (р.а.) қайсидир жаноза намозида қатнашиб, яқинида турган хачирга чиқмоқчи бўлганларида Ибн Аббос (р.а.) ҳазратлари узангисини тутдилар. Зайд ибн Собит (р.а.) “Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччаси, қўйинг, қўйинг…” дедилар. Шунда Ибн Аббос (р.а.): “Уламо ва кубароларга шундоқ муносабатда бўлишликка буюрилганмиз”, дедилар. Зайд ибн Собит (р.а.) бўлса, Ибн Аббос (р.а.)нинг қўлларидан ўпдилар ва юзларига суртдилар-да, “Биз Пайғамбаримиз аҳли байтига мана шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз”, дедилар.

Тобиъийнлардан бири ҳикоя қилади: “Абу Бакр, Умар ва Али разийаллоҳу анҳумлар бизнинг олдимизга бирор ҳожат билан келсалар, Расули акрам (с.а.в.)га қариндошлиги борлиги учун аввал Ҳазрати Али (к.в.)нинг ҳожатларини битказиб жўнатар эдик”.

Буюк соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда икки аллома – Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний илмий фаолият олиб боргани маълум. Бу икки аллома ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар жуда машҳур бўлиб, тарихий манбаларда батафсил ўз аксини топган. Ана шундай баҳслар Амир Темур саройида ўтказиб турилган. Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний мунозарада тенг бўлиб қолганида, соҳибқирон Амир Темур: “Саййид Шариф Журжонийнинг саййидлиги туфайли баҳсда ғолиб бўлди, деб эълон қилиниши мақсадга мувофиқ” дегани ва Саййд Шариф Журжонийнинг ёнини олгани ҳам тарих китобларида муҳрланган. Бу нарса Марказий Осиё халқлари ва султону хонлари ҳам саййидларни ниҳоятда ҳурмат қилиши, қадрлашини кўрсатувчи далилдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кимки аҳли байтга адоват қилса, у мунофиқдир” деган ҳукм ўқилган. Лекин шундай бўлса ҳам, баъзи бировлар уларни ҳурмат қилишда, уларни севиб-ардоқлашда ҳаддан ошадилар, исломий доира чизиғидан чиқадилар. Буларга шиъа ва рофизийлар тоифаларини киритишимиз мумкин бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг чеваралари Зайн ул-обидийн ҳазратлари бу борада жуда чиройли гап айтганлар: “Эй одамлар, бизни исломий муҳаббат доирасида севингиз. Сизнинг севгингиз бизга ор бўлиб қолмасин!”. Ҳазрати Алининг невараси Ҳасан (Ҳасан деган ўғлининг ўғли) бундай деган эканлар: “Бизни Аллоҳ учун яхши кўринг. Агар биз Аллоҳга осий бўлсак, бизга ғазаб қилинг. Бизга ҳақни, ҳақиқатни айтинг. Тушинтиринг, ўргатинг. Сиз истаётган нарсанинг энг яхшиси мана шу! Биз рози бўладиган нарса ҳам мана шу!”.

Пайғамбаримиз (а.с.)нинг авлодлари агар бирорта ношаръий иш қилаётган бўлсалар, уларни насаблари эътиборидан ҳурмат қилган ҳолда, яхшилик билан тушунтирилади, қилмишининг ношаръий эканлиги айтилади. Умуман, бу амри маъруф ва наҳий мункар қилишнинг энг улуғ одоб ва шартларидандир. Бу ҳақда ажиб бир ҳикоят мавжуд.

Тақийуддин ал-Мақризий ҳикоя қилади. Ёқуб ал-Мағрибий унга бундай деган экан: Ул зот Мадинаи мунавварада 817 ҳижрий йилнинг Ражаб ойида Шайх, Обид Муҳаммад ал-Форисий иккалови Равзаи мутаҳҳарада ўтирганларида айтиб берган экан: Мен Ҳусайн (р.а.) авлодларидан бўлган Мадина шаҳри шариф (саййид)ларини Рофизий бўлганликлари сабабидан ёмон кўрар эдим. Ухлаб ётганимда Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қабри шарифлари тарафидан намоён бўлганларини кўрдим. Ул зоти шариф: “Эй фалон!” деб исмим билан чақирдилар ва дедилар: “Нима учун авлодимни ёмон кўрасан?”. Мен дедим: “Аллоҳ асрасин. Ёмон кўрарканманми?!” Улар аҳли суннатга бўйсинмаганликларини кўрганим учун ёмон кўраман, холос”. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) шунда мендан фиқҳий масъала сўрадилар: “Ота-онасига оқ бўлган фарзанд насабга кирадими? Улар мерос ола биладиларми?”. Мен: “Ҳа, эй Расулуллоҳ! Оқ бўлган фарзанд насабга киради”, дедим. Жаноби Расулуллоҳ: “Булар менинг оқ бўлган фарзандларим”, дедилар. Мен уйғониб кетдим. Шундан сўнг Ҳасан ва Ҳусайн авлодидан кимни учратсам, уни ғоят икром ва эъзоз қиладиган бўлдим”.

Шу боисдан Имом Фахриддин Розий ўзининг “ат-Ташриҳ” асарида бундай дейди: “Уламолар иттифоқ қилишганки, алавийнинг (Пайғамбар авлодининг) шарафи гуноҳ ва исённи такрор қилишлиги билан зоил бўлмайди. Чунки, унинг шарафи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафидандир. Бошқа кимсаларнинг шарафи эса наҳий ишларни қилишлиги билан йўқ бўлиб кетади”.

Юқоридаги ҳикоятдан Пайғамбаримиз авлодлари қилмиши ёки эътиқоди жиҳатидан эмас, асосан, насаби, яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга авлод бўлганлиги сабабидан ҳурмат қилиниши лозим ва лобуд эканлиги билинмоқда.

Имом Табароний ривоят қилишича: “Кимки Абдулмутталиб фарзандларидан бировига қўйнинг қўлини тайёрлаб меҳмондорчилик-зиёфат қилиб берса, унга дунёда мукофот берилмайди. Унинг мукофоти эртага, мен билан учрашганда бўлади”. Бошқа бир заиф санад билан келган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Қиёматда тўрт кимса менинг шафоатимга мушарраф бўлур: зурриётимни икром қилувчи; уларнинг ҳожатларини битказиб берувчи; улар изтиробга тушиб қолганда, ишларини битказишга ҳаракат қилгувчи; қалби ва тили билан уларни севувчи”.

Шунинг учун асрлар давомида Пайғамбар авлодларини мадҳ қиладиган асарлар, қасидалар битилган. Уларни улуғлаб ёзилган ашъорлар халқ орасида машҳур бўлган. Абдураҳмон Жомий Имом Зайн ул-обидийн ҳақида “Силсилат уз-заҳаб” асарида 32 байтлик маснавий ёзиб қолдирган. Баҳоуддин Нақшбанднинг бош халифаси Хожа Муҳаммад Порсо эса ўзининг “Фасл ул-хитоб” асарини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлмиш 12 имом ҳақидаги тазкиралар, мадҳлар билан зийнатлаган. Агар мазкур асарда 12 имомни кўкларга кўтарадиган шиалар ёмонланмаганда эди, у асар шиалар орасида энг мўътабар ва машҳур асар бўлиб қоларди. Шунингдек, Муҳаддис Абдулҳақ Деҳлавий ҳам 12 имом ҳақида рисола битган.

ПАЙҒАМБАР АВЛОДЛАРИНИ АЖРАТА БИЛИШ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларини замонлар ўтиши билан ҳар хил аташ, уларнинг муборак авлоддан эканлигини билдирадиган турли атамалар ва номлар пайдо бўла бошлаган. Масалан, Сурхон воҳаси тарафларда Пайғамбар авлодларини эшонлар дейиш одати мавжуд. Улар хўжалар атамасини чаҳорёрлардан Ҳазрати Умар ёки Абу Бакр ва Усмон разийаллоҳу анҳумлар ёки Ҳазрати Алининг Фотимадан бошқа хотинларидан бўлган фарзанд-зурриётларга нисбатан қўллайдилар. Хоразмда эса бунинг акси ишлатилади. Сурхон воҳасида яна миёнлар деган жамоа ҳам истиқомат қиладилар. Улар ҳам ўзларини Пайғамбар авлодидан деб ҳисоблайдилар. Водий тарафларда эса тўралар жамоаси ўзларини Пайғамбар авлодлари деб ҳисоблашади. Қадимдан Пайғамбар авлодларининг Мовароуннаҳрга кириб келиш жойларига нисбатан ҳам фалончи хўжалар, фалончи жойдан келган эшонлар тарзида ишлатишган ва уларнинг шунга муносиб даражалари, ҳурматлари бўлган. Ўрта Осиёга илк ташриф буюрган ғарб, хусусан, рус шарқшунослари бу ҳолатлар ҳақида кўплаб маълумотлар, мақолалар ёзиб қолдирганлар. Афғонистон тарафларда Пайғамбар авлодларини Ҳазрати Али (к.в.)дан бошлангани учун алавийлар ҳам деб аташади. Араб диёрларида уларни шарифлар деб ҳам икром этишади. Нима, бўлганда ҳам, нима деб аталишидан қатъи назар улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий авлодлари бўлмоқлари шартдир!

Баъзи одамлар дунёвий фойдаларни кўзлаб ёки ҳурмат-эҳтиромларга сазовор бўлиш, обрў-эътибор қозониш мақсадида ўзини Пайғамбар алайҳиссалом авлодларидан деб кўрсатади. Ёлғондан Саййид ёки Хўжа бўлиб олади. Ёки аниқ далил-исботи бўлмаса ҳам Пайғамбар авлодиданман, деб ўйлайди ва гапириб юради.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бундай деганлар: “Энг катта ёлғон-уйдурма – киши ўзини отасидан бошқага нисбат қилмоғидир”. Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бир кимса билиб туриб, отасидан бошқани (ота деб) даъво қилса, у куфрони неъмат келтирибди”. Яна бир ҳадисда эса: “Кимки отасидан бошқани даъво қилса, бас, унга жаннат ҳаромдир”, дейилса, бошқасида: “Унга Аллоҳ, фаришталар ва одамларнинг лаънати бўлсин!” деб таъкидланади.

Шунинг учун ҳам адолатли қозилар насабнома ва шажараларни тасдиқлаб беришда ниҳоятда парҳез ва эҳтиётда бўлишган. Озгинагина далил топиб, одамларнинг эшон, саййид, хўжа дейишларига учиб, ўзларини Пайғамбар авлоди дейдиганларнинг даъволарини тасдиқлашда эҳтиёт бўлганлар. Жумладан, бир куни Абдураҳмон Жомийнинг олдига бир кимса келиб, ўз шажарасини кўрсатибди. “Мен шариф саййидзодаман! Мана, кўпгина улуғ ва машҳур зотлар ҳам ўз муҳрлари билан буни тасдиқлашган. Сиз ҳам бу шажарани тасдиқлаб беришингиз керак”, дебди у. Мавлавий Жомий қараса, ўша саййидзодалик даъво қилаётган кимса, Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни ўқиб билиш у ёқда турсин, кўтариб олган ўз шажарасидан бирор ҳарфни ҳам ўқий олмас экан. Жомий ҳазратлари: “Кел, майли! Шажарангни тасдиқлаб ёзиб бераман”, дебди-да, шажара-насабномасини олиб, тагига ушбу рубоийни ёзиб берган экан:

Онроки, бувад нури набий дар башара,

Ҳожат набувад ба-тули арзи шажара.

Онроки, натобад ин нури сара,

Шажара надиҳад ба-ғайри лаънат самара.

Мазмуни: Башараларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг нурлари бўлган зотларга шажаранинг узун-кенглигига ҳожат бўлмайди. Ушбу сара ва покиза нур бутун вужудлари ва аъмолларидан балқиб турмас экан, шажара лаънатдан бошқа самара бермагай!

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг мукаррам хонадонларига мансуб кимсалар ўзларини доим шунга лойиқ ва муносиб эканликларини тасдиқлаб, шарофатлик иймон ва ислом йўлида бошқаларга ибрат ва ўрнак ўлароқ бўлишлари, эътиқоду амал, зуҳду тақвода, балки жами яхшилигу ибодатларда бошқалардан кўра мустаҳкамроқ, пешқадамроқ бўлмоқлари талаб этилади.

МУКАРРАМЛИК ТАҚВО БИЛАН

Аммо, шуни билмоқ керакки, насаб ва ҳасабга суяниб қолиш ҳам ярамайди. Насаб билан ифтихор қилиш дунёда мумкиндир, бироқ охиратда фойдаси йўқ. Зеро, Аллоҳ олдида қадр топиш насаб билан эмас, балки тақво биландир. Бу эса охиратга таъаллуқли ишдир. Имом Муслим Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Жаноби Онҳазрат (с.а.в.) мана бундай деганлар: “Кимнинг амали кечикса, уни насаби тезлата олмайди”. Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Мусулмонлар биродардирлар. Бирлари бошқасидан афзал эмасдир. Афзалият фақат тақво билан бўлур”, дейилган. Бир жойда Пайғамбар (а.с.) бундай деган эдилар: “Эй одамлар, албатта Парвардигорингиз биттадир. Оталарингиз ҳам (аслида) биттадир. Эй, огоҳ бўлингиз, арабнинг ажамга, қоранинг эса қизилга ортиқчалиги йўқ. Фақат тақво билан (ортиқчалик) бўлур. Аллоҳ наздида сизнинг энг яхшингиз Аллоҳ учун энг тақводорроғингиздир!”.

Оят каримада эса шу маънода Парвардигори оламнинг ўзи мана бундай хитоб қилади: “Албатта Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир!” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ушбу маънони ўзбекнинг буюк ўғлони Бобораҳим Машраб ажойиб ифодалаган:

Улуғ дарёи раҳматдин ҳамиша хушки лаб бўлма,

Ки сен ҳар ерга борсанг, эй азизим, беталаб бўлма,

Накулар хизматиға борсанг, эмди, беадаб бўлма,

Мабодо қўрқаман монанди Жаҳлу Бу Лаҳаб бўлма,

Саййидсан, хўжасан, зинҳор мағрури насаб бўлма!…

Азиз авлодиман деб тутмағил роҳи шақоватни,

Кўзинг борида ахтаргилки бир аҳли сажодатни,

Ерингни танда қилғил, дамбадам бори ғафлатни,

Такаббур сахт эрур, бўйнингға олма тавқи лаънатни,

Саййидсан, хўжасан, зинҳор мағрури насаб бўлма!…

Такаббур феъли шайтондур, бу йўлни тутма, эй жоҳил,

Эшакнинг ёлидек саққол оқорди сан ҳануз ғофил,

Эранлар кеттилар мағрури сурат бўлма, эй оқил,

Бу йўлда тўша ахтар, анда кўп даркордур ҳосил,

Саййидсан, хўжасан, зинҳор мағрури насаб бўлма!…

Юқорида айтганимиздек, бундай муносабатда бўлиш, афзалият қиёматда бўладиган нарсалардир. Ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларидан бири “Радд ул-мухтор” соҳиби ўзининг Пайғамбаримиз авлодлари тўғрисида ёзган рисолаларида қиёматда Пайғамбар (а.с.)га авлод бўлиш шарафи фойда берадими ёки йўқми, деган саволга жавоб бериб, шаксиз бу нарса фойда беради. Унинг фойдаси, Пайғамбаримиз (а.с.)нинг шафоатлари энг аввал уларга бўлиши билан изоҳланади, деганлар ва Имом Табароний ва Дорақутний ҳамда Дайламийлар ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифни келтирганлар: “Қиёмат кунида энг аввал шафоат қиладиганим аҳли байтимдир, сўнг унга яқинлар, сўнг унга яқинлар. Сўнгра, ансорлар. Сўнг, менга иймон келтириб, тобеъ бўлган Яман аҳли, сўнг бошқа араблар. Ана ундан сўнг ажамлардир”.

 Шунга биноан Ибн Обидийн ҳазратлари яна Имом Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақийлардан Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни келтирадилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни минбарга чиқиб бундай дебдилар: “Баъзи одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг марҳамати ўз қавмига қиёмат куни фойда бермайди, деб юришибди. Йўқ, ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, менинг марҳаматим дунёу охиратда етгувчидир. Эй одамлар, албатта мен сизларга Ҳовузда олдин бориб тургувчиман”.

Яна Ибн Обидийннинг айтишига қараганда, Каҳф сурасида келган Мусо ва Хизр алайҳимассаломлар қиссасида Хизр (а.с.) бир қишлоқдаги йиқилай деб турган деворни тиклаб қўядилар (Каҳф, 77-оят) ва кейинчалик бунинг таъвили, маъносини бундай тушунтирадилар: “Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди…” (Каҳф, 82-оят). Мана шу ерда етим болаларнинг ўз туққан отаси эмас, балки еттинчи отаси солиҳ бўлганлиги таъкидланади. Бу нарса бошқа мўътамад тафсир китобларида ҳам зикр этилган.

“Тафсири Насафий”да Ҳусайн ибн Алий (р.а.)нинг хаворижларга қарата айтган гаплари келтирилади: “Аллоҳ таоло икки болага нима сабабдан эҳтиром кўрсатди? Солиҳ оталари сабабли. Менинг отам ва бобом ундан яхшироқдир”. У билан еттинчи отасининг ҳурмати сақланаётган бўлса, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг зурриётлари ул зоти шарифнинг ҳурматларидан эҳтиромга лойиқ бўлишига шак-шубҳа йўқдир!

Муфассир Ибн Касир юқоридаги ояти карима таҳтида мана буларни ёзади:

“Оятда шунга далил борки, солиҳ инсон ўз зурриётлари борасида муҳофаза қилинади ва унинг ибодатининг баракоти зурриётларига ҳам етиб ортади. Дунё-у охиратда унинг шафоати билан уларга насиба етади. Уларнинг даражалари жаннатда аъло даражага кўтарилади. Уларга унинг кўзи тушгани учун шундай бўлади. Бу Қуръонда ҳам, суннат билан ҳам собит бўлгандир. Саид ибн Жубайр Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилади: “Икковини отасининг солиҳлиги учун сақланди, ўзларининг солиҳлиги учун эмас”. Ва, юқорида ўтдики, бу ўтиб кетган отаси эди”.

ХУЛОСА

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча инсонларни тенг қилиб яратган бўлса-да, аммо уларни савобнинг кўплигида, фазилатларни касб қилишда, насабнинг бир-бировдан фарқ қилишида тенг қилиб яратмаган. Шу билан бирга Аллоҳ ҳаммага бир хилда муносабатда бўлади, шаръи шариф савоб олишда ҳаммани тенг деб билади. Жаннат даражотларига эришиш фақат тақвонинггина устунлиги билан фарқланади. Бинобарин, Аллоҳ наздида икромлироқ банда тақводорроқ бандадир!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандларидан зурриётлар қолмаган. Фақат қизларидан зурриёт қолган. Шундай бўлса-да, уларнинг ичида Фотимаи Заҳродан бўлган зурриётларгина саййидлар сифатида улуғланади. Саййидлар қандай номлар билан аталмасин, улар икром этилишга, ҳурмат ва иззатга лойиқ зотдирлар. Саййидларнинг осий ва фосиқларини биз яхшилик билан тўғри йўлга чорлаймиз, насиҳат қиламиз. Аммо, уларни ҳақорат қилмаймиз, шарафини пасайтиришга урунмаймиз.

Ҳеч ким насаби билан фахрланишга, бошқаларни пастнасабликда айблашга ҳаққи йўқ. Шариат бунга йўл қўймаган, қўймайди ҳам. Никоҳдаги тенглик ҳақидаги қарашларга фақатгина насабни покиза сақлаш учунгина амал қилиш мумкин. Агар саййидлар бошқалардан қиз олсалар, шаръан айбдор бўлмайдилар, улар охиратда маломат ҳам қилинмайдилар. Бироқ, улар саййид бўлмаганларга қиз беришдан сақланишлари авлороқ.

Биз Аллоҳ таолодан сўраймизки, бизни шариатга мувофиқ саййидларни ҳурмат ва икром қилишга муносиб қилсин! Дунёда саййид ва саййидзодалар шариатда биздан кўра илдамроқ, тақводорроқ бўлиб ўтишларини насиб қилсин! Барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан Парвардигори олам насиба ато қилсин!

Валлоҳу аълам би-с-савоб!

islom.uz  internet materiallari asosida

Xarita